Бош саҳифа > Жамият > -Қилмиш-қидирмиш-

-Қилмиш-қидирмиш-

Адашганлар қисмати

 

Давлат иқтисодиёти янада барқарорлашиши, ижтимоий ҳаётда муаммолар юзага келмаслиги ҳамда тинч ва осойишта заминда истиқомат қилиш учун ҳар бир фуқаро имкон қадар ҳаракат қилмоғи лозим.

Минг афсуслар бўлсинки, мамлакатимиз иқтисодиёти олдинги марраларни забт этишга одимлаб, дунё бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни амалга жорий қилиниш мақсадида бор имкониятларни сарфлаб келаётган бир вақтда биз билан бир заминда яшаб келаётган, шу Ватаннинг фарзандлари бўлган айрим шахслар давлатимиз манфааатларига зид келувчи фаолиятларни амалга оширишга уринишади.

Қуйида давлат чегарасини бузган ҳолда Ўзбекистоннинг ички иқтисодий ривожланишига тўсқинлик қилувчи, халқимизни сифатсиз маҳсулотлар билан таъминлаш ва молиявий жиҳатдан зарар кўришларига олиб келиши мумкин бўлган бир жиноят ишини келтирамиз.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Қ.Жабборов, С.Қаландаров, А.Мансуров ҳамда А.Жахпаровлар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда Фарғона тумани Юқори Арча МФЙ ҳудудидан ўтувчи давлат чегарасини бузиб, қўшни Қирғизистон Республикасига ўтишади. У ердан ҳорижда ишлаб чиқарилган телевизорларни амалдаги божхона қонунчилиги ва давлат чегараси тўғрисидаги қонунларга зид равишда Ўзбекистон Республикасига олиб ўтишга уринган вақтларда чегара ходимлари томонидан қўлга олинадилар.

Шундан сўнг уларга нисбатан тергов ҳаракатлари амалга оширилиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан судланувчиларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари қўлланиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Юқоридаги жиноят иши таҳлили шуни кўрсатадики, қонунбузарларнинг барчаси 20-25 ёшли фуқаролардир. Шу ўринда савол туғилади: бу ёшлар нима учун давлат чегарасини бузиш билан боғлиқ бўлган жиноятларни содир этмоқда? Нима, улар қонуний моддий маблағ орттира олишмайдими? Ёки бажариши мумкин бўлган қонуний ишлар йўқми?

Бунга жавобан айтиш мумкинки, бу ёш йигитлар фақатгина осон йўл билан моддий маблағ орттиришга уринишган. Пешона-тери билан ҳалол даромадга эришиб, ўзи, оиласи, халқи ҳамда Ватани учун фойда келтирувчи фаолият билан шуғулланишни ўйлаб ҳам кўрмаганлар. Бундан келиб чиқадики уларнинг ота-онаси, қўни-қўшнилари, устоз ва ўқитувчилари ноқонуний фаолиятлар билан шуғулланиб келишларидан бехабармиди?

Юқоридаги ҳолат юзасидан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳар бир ёшнинг кунлик машғулотлари, атрофидаги    дўсту шериклари ҳақида, албатта, ота-она, маҳалла-куй доимий хабардор бўлмоғи лозим. Вақтинчалик эътиборсизлик ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Шундай экан, ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлодни тўғри йўлга бошлаш, қайси соҳада бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон келажаги учун жон куйдирувчи, халқининг фаровон ҳаёти учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшувчи етук шахслар қилиб тарбиялашда ота-она, оила, таълим муассасалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, бир сўз билан айтганда, барча бирдек масъулиятни ҳис этмоғи лозим.

 

А.МАМАДАЛИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича туман судининг судья

ёрдамчиси.