Бош саҳифа > Без рубрики > Электр тармоғи хўжалиги объектлари қатъий муҳофаза остида

Электр тармоғи хўжалиги объектлари қатъий муҳофаза остида

Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зонаси ер участкаси ёки юзасидан тубигача сув макони ҳисобланиб, мазкур қоидалар билан электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қуйидагича белгиланган:

Электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб—четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб бир киловольтгача кучланишли линиялар учун 2 метр, 20 киловольт кучланишли линиялар учун 10 метр, 35 киловольт кучланишли линиялар учун 15 метр, 110 киловольт кучланишли линиялар учун 20 метр, 220 киловольт кучланишли линиялар учун 25 метр, 500 киловольт кучланишли линиялар учун 30 метр белгиланган.

Ер ости электр узатиш кабель линиялари бўйлаб–электр узатиш линиясининг иккала томонига параллель вертикал текисликлар билан чегараланган, четдаги кабеллардан 1 метр, агар кабель линиялари шаҳарларда йўлаклар остида ўтказилганда эса—бино ва иншоотлар томонга 0,6 метр ва кўчанинг транспорт ҳаракатланадиган қисми томонига 1 метр масофага четланган ер участкасининг юза қисми, унинг остида жойлашган ер қаъри кўринишида;

сув ости электр узатиш кабель линиялари бўйлаб—линиянинг ҳар икки томони бўйлаб четдаги кабеллардан 100 метр масофадаги вертикал текислик билан чекланган сув юзасидан унинг тубигача бўлган сув макони кўринишида;

подстанциялар атрофи бўйлаб—подстанция тўсиғининг барча томонларидан периметри бўйлаб, подстанциянинг бирламчи кучланишига нисбатан қўлланилган ҳолда юқорида кўрсатиб ўтилган кучланишлар учун белгиланган масофада вертикал (баландлиги подстанциянинг энг баланд нуқтасига мос бўлган) текисликлар билан чекланган ер участкаси сатҳи ва ҳаво макони қисми кўринишида.

Электр узатиш линиялари билан яқин жойлашган бинолар ва иншоотлар, шунингдек, дарахтлар ва бошқа кўп йиллик ўсимликлар ўртасидаги рухсат этиладиган энг кам масофа электр қурилмаларининг тузилиши қоидаларида белгиланади.

Муҳофаза зоналарида қуйидаги ҳаракатларни содир этиш тақиқланади:

электр узатиш симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш, электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспортда ўтиш жойларига объектларни, предметларни жойлаштириш;

— тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг тўсилган ҳудудида бўлиш, тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг эшиклари ва люкларини очиш, ўчириб-ёқишлар ва электр тармоқларга улаш;

болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шоҳобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва тураржойларни ёки ахлатхоналарни жойлаштириш, зарба берувчи механизмлар билан ишларни амалга ошириш, массаси 5 тоннадан ортиқ оғирликларни ташлаш.

Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхонанинг ёзма розилигисиз электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари доирасида юридик ва жисмоний шахслар учун қуйидагилар тақиқланади:

Ҳар қандай бино ва иншоотларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки бузиш, ҳарқандай турдаги кон, портлатиш, мелиорация, шу жумладан ерга вақтинчалик сув бостириш билан боғлик ишларни амалга ошириш, дарахтлар ҳамда буталарни экиш ва кесиш, сув ҳавзаси тубини чуқурлаштириш, тупроқни кавлаб олиш ва ортиш-тушириш ишлари, балиқ ва бошқа сув жониворларини сув ости чангаклари билан тутиш, сув ўсимликларини чиқариб олиш, умумий баландлиги йўлнинг сатҳидан 4,5 метрдан ортиқ бўлган машина ва механизмларнинг ўтиши;

0,3 метрдан ортиқ чуқурликда, шудгорланадиган ерларда эса 0,45 метрдан ортиқ чуқурликда қазиш ишларини амалга ошириш, шунингдек тупроқни текислаш, агар сув оқими баландлиги 3 метрдан ортиқ бўлиши мумкин бўлса — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғориш.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 102-моддасида:

бир киловольтгача кучланишли электр тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш—фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса — иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши,

бир киловольтдан ортиқ кучланишли электр тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш —фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса—бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Фарғона ҳудудий бўлими томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар ўз вақтида белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 20 дан ортиқ мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб тегишлича қаноатлантирилди ёки тушунтиришлар берилди.

Л.АКБАРХЎЖАЕВ,

“Ўздавэнергоназорат” инспекцияси

Фарғона ҳудудий бўлими

 катта инспектори.