Бош саҳифа > Туман янгиликлари > “ISHОNCH” кредит-савдо мажмуаси иш бошлади

“ISHОNCH” кредит-савдо мажмуаси иш бошлади

Халқ фаровонлиги йўлида

“ISHОNCH” кредит-савдо мажмуаси иш бошлади

5 апрель куни туманимиз марказида “Ishonch” кредит-савдо маркази ўз фаолиятини бошлади. Мажмуанинг очилиш маросимига бағишланган байрам тадбирида туман ҳокими Р.Ҳ.Қурбонов иштирок этди ва рамзий тасмани қирқиб, барча меҳмонларни ичкарига таклиф қилди.

“Ishonch” кредит-савдо маркази Қува филиалининг ишга тушиши муносабати билан 40 нафардан зиёд туманимиз ёшлари иш билан таъминландилар.

Ушбу савдо мажмуасининг қулайликлари шундаки, мизожларга осон, тез, энг асосийси, ўша ернинг ўзида ҳужжатлар расмийлаштирилади. Бюджет ташкилотларида ишловчи ходимлар ҳамда пенсионерларга бир қанча имтиёзлар мавжуд. Мижозлар муддатли тўлов асосида маиший техника, мебель жиҳозлари, спорт анжомлари, уй-рўзғор буюмлари, қурилиш моллари, сантехника ва автомобиль эҳтиёт қисмлари, компьютер техникалари, мобиль телефонлар, хуллас, 3000 хилдан зиёд маҳсулотларни харид қилишлари мумкин.

– Савдо марказимизда 1 000 000 сўмдан юқори қийматли маҳсулотлар сотиб олганлар учун бонуслар тақдим этилади, -дейди биз билан суҳбатда “Ishonch” кредит-савдо Қува филиали бошқарувчиси Улуғбек Ҳамролиев, –доимий мижозлар учун эса ҳар ойда икки марта “Омадли кун” акцияси ўтказилади. Бу акцияда кўплаб қимматбаҳо буюмлар совға қилинади. Бундан ташқари, мавсумий акциялар ҳамда касб байрамлари муносабати билан соҳа ходимларига акциялар тақдим этилади. Савдо мажмуасида маҳсулотларни етказиб, ўрнатиб бериш бепул амалга оширилади.

“Ishonch” кредит-савдо маж- муасининг очилиш маросими катта байрам тантаналарига ва халқ сайлига айланиб кетди.

Карнай-сурнай садолари остида раққосаларнинг рақслари, турли эртак қаҳрамонларининг чиқишлари йиғилганларда завқ уйғотди. Байрам тадбирига пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли санъаткор ва сўз усталари Жаҳонгир Позилжонов, Дилшод Мирзамуродов, Аҳмад Темуров, Отабек Мирзаҳолов ва бошқалар ўз чиқишлари билан даврага файз бағишладилар. Шу куни Дилшод Мирзамуродов тадбирга йиғилган омадли томошабинларга ҳомийларнинг турли хил қимматбаҳо совғаларини улашиб, халқнинг кўнглини ва кайфиятини кўтарди.

Бир сўз билан айтганда, қуваликлар учун яна бир қулайлик яратилди. Мазкур савдо мажмуаси халқимизнинг фаровонлигини оширишда яна бир муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.

 

Достонбек ХОЛМАТОВ,

“Қува ҳаёти” мухбири.