Бош саҳифа > Туман янгиликлари > Қувада янги боғча иш бошлади

Қувада янги боғча иш бошлади

Қувада янги боғча иш бошлади

Мамлакатимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида чекка ҳудудларда ҳам замонавий, барча шароитларга эга бўлган янги мактабгача таълим муассасалари бунёд этилмоқда.

Дарҳақиқат, замон, инсонларнинг қарашлари ўзгармоқда, ривожланиш кундан кунга равнақ топмоқда. Бундай шароитларда, албатта, келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлодни тарбиялаш ва билим беришда уларга барча имкониятларни яратиб бериш лозим бўлади.  Демак, ёшлар тарбиясига болалигиданоқ эътиборни кучайтириш кутилган натижаларни бериши аниқ. Юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам айнан шу мақсад сари қаратилган.

Қува туманида бу борада сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Туманда жами 52 та мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатади. Уларда 7056 нафар болажонлар тарбия оладилар. Жорий йилда 2 та боғча реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда яна 2 тасида реконструкция ишлари давом этмоқда.

Бугун тумандаги 41-Давлат мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу маскан илгари жуда эски, кўримсиз бинода жойлашган эди. Туман мактабгача таълим бўлими мудираси Наргиза Муҳиддинованинг юқори ташкилотларга бу ҳақда хабар бериб, елиб-югуриши туфайли туман ҳокимлиги бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Давлат инвестиция дастури асосида эски бино бузиб ташлаб, тубдан янги бино қуриб битказилди. Эндиликда 2 қаватли, барча қулайликларга эга бўлган замонавий болалар боғчаси фойдаланишга топширилди. 41-ДМТМ мудираси Шоҳсанам Бўтабоева, 12 нафар педагогик ва 22 нафар техник ходимлар ўзларига яратилган шароит ва қулайликлардан беҳад мамнун бўлмоқдалар.

-Ушбу иншоот “Глобал инженеринг конструкцион” фирмаси томонидан тез ва сифатли тарзда қуриб битказилди,-дейди биз билан суҳбатда туман мактабгача таълим бўлими мудираси Н.Муҳиддинова,-110 ўринли ушбу боғчани қайта қуриш учун жами 2 миллиарддан зиёд давлат маблағлари сарфланди.

Айни кунларда яна 3та мактабгача таълим масканлари “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида мукаммал таъмирланмоқда.

Янги масканнинг очилиш тадбирида туман ҳокими,  секторлар раҳбарлари, туман фаоллари иштирок этдилар. Туман ҳокими Р.Қурбонов бугунги қувончли кун билан барча соҳа ходимларини, тадбир қатнашчиларини муборакбод этиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, келажагимиз эгалари бўлган болалар тарбиясидаги муҳим вазифалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Таълим масканида тарбияланувчиларга рус ва ўзбек тилларида машғулотлар олиб борилади. Ошхона, дам олиш хоналари замон талаблари асосила жиҳозланган.

Бу имкониятларнинг барчаси фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук, кенг дунёқарашли инсонлар бўлиб етишмоқлари учундир.

А. Қодиров,

Д. Холматов,

“Қува ҳаёти” мухбирлари.