Бош саҳифа > Без рубрики > Халқаро ёшлар фестивали

Халқаро ёшлар фестивали

Келажакни терроризмсиз қурамиз!

Фарғона шаҳрида жорий йил 11-12 март кунлари Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Қирғизистоннинг Ўш,  Жалолобод, Боткен вилоятлари ҳамда Андижон ва  Наманган ёшлари иштирокида халқаро ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Мазкур фестивалда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг чегарадош  ҳудудларидаги  давлат  бошқарув органлари,  ёшлар ташкилотлари,  миллий-маданий  марказлар, ҳуқуқни  муҳофаза  қилиш  идоралари,  диний соҳа вакиллари,  экстремизм ва терроризмга қарши кураш йўналишида илмий-амалий тажрибага эга мутахассислар,  талаба-ёшлардан иборат  200 нафардан  зиёд иштирокчилар  қатнашдилар.

Фестивалнинг дастлабки кунида Қирғизистондан келаётган фестивал иштирокчилари туманимизнинг чегара ҳудудида зўр тантана билан кутиб олинди. Кутиб олувчилар орасида туман ҳокими Ҳ.К.Умаров бошчилигидаги бир гуруҳ туманимиз фаоллари бор эди. Ушбу маросим карнай-сурнай садолари остида зўр байрамга айланиб кетди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари  жаҳон ҳамжамиятида ката қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан юксак минбарлардан туриб билдирилган ташаббус ва таклифлар кенг эътироф этилаётир. Ушбу халқаро фестивални ташкил  этишдан кўзланган мақсад  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида илгари сурилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни  таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли сиёсат тамойилларини Марказий Осиё миллатлари орасида тарғиб қилишдан иборатдир.  Шунингдек, террористик хуружларнинг олдини олиш ва қўшни давлатлар билан аҳил муносабатларни мустаҳкамлашда ёшлар ташкилотлари ва бошқа давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳам мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсаддир.

Икки кун давом этган халқаро ёшлар фестивалида “Марказий Осиё минтақасида экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг долзарб масалалари” мавзусида ўқув-семинари ҳамда “Биз келажакни биргаликда бунёд этамиз” шиори остида ёш олимларнинг инновацион ғоялари, тадбиркор ва ҳунарманд ёшлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Бундан ташқари фестивал иштирокчиларидан иборат жамоалар ўртасида спортнинг мини-футбол, воллейбол, стол тенниси мусобақалари ўтказилиб, “Дўстлик” кубоги ташкилланди.

Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида фестивал иштирокчилари ва 20 мингдан ортиқ ёшлар учун концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларини мустақиллик йилларида Фарғона шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, тарихий обидалар билан таништириш мақсадида вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

Келажакни терроризмсиз қурамиз шиори остида ўтказилган ёшлар фестивали ғоят кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Мадиёр ТУРИМОВ,

Туман ҳокими ўринбосари.