Бош саҳифа > Без рубрики > Томорқа – даромад манбаи

Томорқа – даромад манбаи

“Иттифоқ” маҳалласи ўрамида “Бегобод” деган қишлоқ бор. Бу масканда ерга меҳр бериб, меҳнат қилаётган ва бунинг натижасида фаровон ҳаёт кечираётган инсонлар жуда кўп.

Тупроқ билан тиллашиб, хазина топаётганлар

 

Ҳудуддаги “Тўптол” кўчаси, 19-уйда истиқомат қилувчи Зуҳриддин Маматов ҳам ана шундай тадбиркорлардан бири. У ўз қарамоғидаги 15 сотих томорқасида 5 дона иссиқхона ташкил этган.

Дастлаб, кичик қўлбола “парник”да помидор, бодринг экишдан иш бошлаган миришкор деҳқон бугун миллион-миллион даромад оладиган тадбиркор бўлди.

Ҳозирда катта иссиқхонада 29 туп лимон кўчати бўлиб, ўтган йили 1,5 тонна ҳосил олинди. Мевасидан 10 миллион, кўчатлардан эса 15 миллион даромад олишга эришилди.

Иккинчи иссиқхонада ёш лимон кўчатлари янги навга уланиб, парваришланмоқда. Қолган 3 та иссиқхонада эса помидор, бодринг, булғор қалампири, карам, аччиқ қалампир кўчатлари баравж ривожланмоқда.

— Муҳтарам Президентимизнинг томорқачиликка қаратаётган эътиборлари, бунга жавобан вилоятимиз ҳокимининг телеэкран орқали халқимизга қилган мурожаати бизга ўхшаган томорқачиларга янада куч бағишлади,- дей-ди биз билан суҳбатда хонадон соҳиби Зуҳриддин Маматалиев. Биргина биз эмас, маҳалладаги барча қўни-қўшнилар ҳам томорқадан унумли фойдаланмоқдалар.

Оилада 79 ёшли Иноятхон аянинг бошчилигида келинлари Хуршидахон, набиралари Азизбек, Нодирахон, Муҳаммаддиёрлар ҳам томорқа ишларида кўзлари пишиб қолган. Ахир, қуш уясида кўрганини қилади-да. Улар ҳалол меҳнат қилиб, кам бўлишгани йўқ. Янги уй қуриб, кўчиб киришди. Рўзғорлари тўкин.

Инсонларга, жамиятга кўпроқ нафим тегсин деган кишилар меҳнат қилаверадилар. Бундан ўзлари ҳам, бошқалар ҳам манфаатдор бўлади.

Туманимизда бу каби инсонлар кўпаяверсин.

Матн ва сурат муаллифи

Ф.Абдуназаров.