Бош саҳифа > Маънавият ва маърифат > 1 МАРТ— АТОҚЛИ ШОИРА ЗУЛФИЯ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

1 МАРТ— АТОҚЛИ ШОИРА ЗУЛФИЯ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Садоқат ва вафо куйчиси

Таниқли ўзбек шоираси Зулфия 1915 йилнинг 1 мартида Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини жуда эрта бошлаган шоира деярли бир умр журналистика ва нашриёт соҳасида ишлади. У 1935-1938 йилларда Тил ва адабиёт институти аспиранти, 1938-1948 йиллар мобайнида Болалар нашриёти муҳаррири, Ўзбекистон давлат нашриёти бўлим мудири, 1953 йилгача «Саодат» журналида бўлим мудири, 1953 йилдан то 1980 йилга қадар, салкам ўттиз йил давомида шу журналнинг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келди. Машҳур ўзбек шоири Ҳамид Олимжоннинг турмуш ўртоғи, ўзига хос шеърияти билан минглаб китобхонлар қалбини ром этган шоира Зулфия 1997 йилнинг 1 августида вафот этган.

Ҳассос шоир — Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа турмуши, ундан жудо бўлиб қолиши, умуман, шоиранинг ҳаёт йўли садоқат ва вафо тимсоли бўлиб қолди. Зулфия ижодида унинг ёрга садоқати, она Ватанга чексиз муҳаббати ёрқин акс этади.

Туманимизда ҳам шоира ижодига бағишланган турли адабий анжуманлар, шеърият кечалари бўлиб ўтмоқда. Бугун марказий маданият ва аҳоли дам олиш масканида “Надимий” тўгараги ижодкорлари “Яна баҳор келди сени соғиниб” номли мушоира ташкиллашни режалаштирганлар.

* * *

Дейдиларки, сени кўрганда

Кўзларимда ёнар жонли ўт,

Ўша ўтнинг ёлқинларида

Сендан ўзга бор нарса унут.

Мудом дилга содиқ кўзларим

Ҳақиқатни кўмиши қийин.

Кўзларимда, қонимда кезган

Ўша севинч, ўша олов сен.

Майли, ўзинг мендан узоқда,

Лекин дилнинг ўти бўлиб қол.

Менинг куйим эмас тузокда,

Шеър керакми, жон керакми, ол!

 

ЎРИК ГУЛЛАГАНДА

 

«Деразамнинг олдида бир туп

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…»

Гулни кўриб ишқпараст қалбим,

Минг айтилган дарддан куйлади.

Сени қўмсаб оқшом чоғида

Ҳижрон қўшар экан ҳарорат.

Ўлгудайин муштоқ бўлибман —

Висолингга, йўқ чоғи тоқат.

Сени қўмсаб оқшом чоғида

Кириб келдим шу таниш уйга.

Биз бир чоқлар яшаган уйда

Тунаб қолдим хаёл-ла бирга.

Бунча иссиқ, бунча ҳам шинам

Ёшлик кечган торгина шу жой.

Бунда яшар ажиб онлардан,

Ишқ-ла ўтган тунлардан чирой.

Ҳар бурчаги элитар ҳушим,

Нақадарлик ошно, яқин.

Худди тунда камолга етган

Қўшиғингда чақнаган чақин.

Бунда ҳаёт — илҳом онлари

Қаламингдан тўкилган гавҳар.

Гул бўйини олганда шамол

Рашкка тўлиб тўнган у кўзлар.

Сен тугатгач чанқоқлик билан

Ўқиб мафтун бўлганим ҳаёт.

«Қалай деган» бўлиб термулган

Кўзларингнинг оташи ҳаёт.

Ҳали ҳаёт, такрор ўқиркан

Завққа тўлиб яйраган кўксим.

Юзингдаги улуғвор, майин,

Бир жаҳонга арзир табассум.

Бари ҳаёт, муҳаббат каби,

Ҳамма ерда кўринар изинг.

Паррандалар нағма куйида

Жаранглайди товушинг, сўзинг.

Мени ўраб олди ҳаяжон,

Яна ортди севгининг кучи.

Шарқ қизариб, чиқмоқда қуёш,

Олтинланди теракнинг учи.

Сен куйлаган ўрик шу кеча

Бурканди оқ — оппоқ чечакка.

Мен қадрдон хотира билан

Жўнаб кетдим уйимга якка.

Зулфия.

1947 йил.