Бош саҳифа > Маданият > Устозлар шогирдлар ҳузурида

Устозлар шогирдлар ҳузурида

Қува азалдан улуғ санъаткорлар, олим ва шоирлар юрти саналади. Халқимиз Таваккал Қодиров, Маҳмуджон Тожибоев, Эркин Рўзиматов, Абдулҳошим Исмоилов каби улуғ санъаткорлар, Надимий, Иброҳим Раҳим, Шокирхон Ҳакимий сингари ёзувчи ва шоирлари билан ҳақли равишда фахрланади.

Бугунги кунда устозлар анъанаси давом эттирилиб, туманимизда эл суйган санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар кун сайин кўпайиб бормоқда.

Ўтган куни туманда фаолият юритаётган 19-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Устозлар ва шогирдлар ҳузурида” номли учрашув кечаси ташкил этилди. Мўйдин Ҳасанов номли маҳалла фуқаролар йиғини, 2-умумий ўрта таълим мактаби билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирда кўплаб санъат ва шеърият мухлислари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.

Тадбир буюк аждодларимиз Алишер Навоий ва Бобур таваллуд кунлари муносабати билан ўтказилаётгани сабабли мусиқа мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари улуғ боболаримиз ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлардан ижро этиб, барчани хушнуд этдилар. Дуторчи қизлар ва рақс йўналиши ўқувчилари дилбар куй ва рақслари билан устозлар эътиборини топдилар.

Шу куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, эл суйган санъаткор Абдулҳай Каримов сўз олиб, ёшларга санъатнинг масъулияти ва қўшиқчилик сирлари ҳақида гапириб берди. Унинг ижросидаги дилтортар қўшиқлар даврага алоҳида файз киритди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зуҳра Алиева йиғилганларга яшаш илми, завқи, шарафи ҳақида сўзлаб, ўзининг янги ижод намуналаридан ўқиб берди.

Тадбир сўнггида туман маданият бўлими бошлиғи Ҳусанбой Қўчқоров тадбир ташриф буюрган устозларга ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

Бу каби тадбирлар ёшлар онгида маънавиятга, маърифатга қизиқиш уйғотиб билан бирга уларни Ватанга садоқат, фидоийлик руҳида тарбиялашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.