Бош саҳифа > Тиббиёт > «Med Doktor Аrslonov» клиникаси иш бошлади

«Med Doktor Аrslonov» клиникаси иш бошлади

Илгари хабар берганимиздек, туманимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида туманимизда янги «Med doktor Arslonov» шифохонаси бунёд этилган эди. Жорий йилнинг 29 сентябрь кунида ана шу шифо масканинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда кўплаб аҳоли вакиллари, корхона-ташкилот раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокими ўринбосарлари ва таклиф этилган меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Дастлаб, ўзбекона удумларга кўра масканнинг очилиши муносабати билан дастурхон ёзилиб, палов тортилди ва қурон-тиловат ўқилди.

Шундан сўнг тадбирнинг тантанали қисми бошланди. Унда Надимий тўгараги аъзолари Наргиза Эргашева ва Сайёра Неъматжоновалар шифокорларни улуғловчи шеърлар ўқиб, даврани бошқариб бордилар.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими ўринбосари И.А.Носиров иштирок этди ва барча йиғилганларга Қувада ташкил этилган ушбу шифохона халқ саломатлиги йўлида қўйилган яна бир қадам эканлигини, Президентимиз ташаббуси билан ушбу масканга сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар олиб келингани ва улар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил эканлиги ҳақида гапирди.

Тадбирда туман ҳокими Ҳ.К.Умаров, вилоят «Маҳалла» Кенгаши раиси Ш.Х.Эрматовлар сўз олиб, инсон учун энг муҳим бойлик бўлган саломатликни муҳофаза қилишда ушбу шифохона узоқ йиллар хизмат кўрсатишини таъкидладилар.

Шундан сўнг бино олдидаги рамзий тасма қирқилиб, ташриф буюрган меҳмонлар янги бино ичкарисига кирдилар ва бу ердаги яратилган тиббий шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Маълумот учун, мазкур шифо маскани «Фарғона вилояти Қува туманида 2018-2019 йилларда амалга оширилиши белгиланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга оид инвестиция лойиҳалари» доираси айни кунда муддатидан илгари ишга туширилди.

Шифохона жами 1304 кв.метр майдонда бунёд этилиб, бино ва иншоотлар 564 кв.метрдан иборат. Лойиҳани қуриб битказилиши, ишга туширилиши учун тадбиркор маблағи ҳамда банк кредитлари ҳисобидан жами 2,2 миллиард маблағ сарфланди. Бундан ташқари, замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар сотиб олиш учун 156 минг АҚШ доллари миқдорида банк кредитлари ажратилди.

Ушбу масканинг ишга туширилиши натижасида 30 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Бир сўз билан айтганда, «Med doktor Arslonov» клиникасининг ишга туширилиши халқ саломатлиги учун Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.