Бош саҳифа > Туман янгиликлари > Эл дастурхонига арзон ва сифатли маҳсулотлар

Эл дастурхонига арзон ва сифатли маҳсулотлар

Анъанага кўра, шу кунларда вилоятимиз шаҳар ва туманларида ташкил этилган Янги йил савдо ярмаркалари орқали эл дастурхонига кундалик зарурий озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Янги йил савдо ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотлар одатдагидан 15-20 фоизга арзонлаштирилиб, харидорларга қулайлик яратиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари тўлиқ банк терминаллари билан таъминланган.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари, савдо-харид корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётган ярмаркаларда мева-сабзавотлар, ширинликлар, қандолат, гўшт ва тухум маҳсулотлари, табиий шарбатлар, балиқ ва парранда гўшти сингари кенг ассортиментдаги маҳсулотлар таклиф этиляпти.

“Қува Деҳқон бозори” акциядорлик жамияти томонидан иккита ҳудудда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, тўловни нақд пулсиз амалга ошириш учун банк терминаллари ўрнатилди. Ярмаркаларда ўттиз турдаги  ноз-неъматлар, гўшт, тухум, сут ва сут маҳсулотларини арзон нархларда сотиб олиш мумкин. Бозор маъмурияти томонидан фермер ва деҳқон хўжаликлари билан сифатли маҳсулотларини пешма-пеш етказиб бериш борасида шартномалар имзоланган.

Ярмаркада 1 кг гўшт-28 минг сўм, 1 кг балиқ-11 минг сўм, 1 кг картошка-1минг 800 сўм, 1 кг шакар 4 минг 500 сўм сотилмоқда. Қуванинг саховатли заминида етиштирилган анор, сархил мева-сабзавотлар ва полиз маҳсулотлари байрам дастурхони учун катта хурсандчилик билан сотиб олинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бевосита вилоят ҳокимлиги кўмагида шу кунларда барча шаҳар-туманларимизда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Янги йил ярмаркалари узлуксиз ва самарали фаолият кўрсатишига эришилмоқда. Бу эса ҳамюртларимиз байрамни муносиб кутиб олишларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.