Бош саҳифа > Туман янгиликлари > Томчилатиб суғориш технологияси

Томчилатиб суғориш технологияси

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрь кунги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси белгиланиб, унинг ижроси юзасидан амалий саъй-ҳаракатларга киришилди.

Шу йилнинг 6 январь куни вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Тошлоқ туманида (Тошлоқ, Қўштепа, Ёзёвон, Қува ва Фарғона туманлари), Бағдод туманида (Бағдод, Риштон, Олтиариқ, Бувайда, Учкўприк туманлари), Данғара туманида (Данғара, Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат туманлари)  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Фарғона вилояти кенгаши ва “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси билан ҳамкорликда амалий семинар ўтказилди.

Семинарда Фермерлар кенгаши раислари, туман ҳокимликларининг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси мутахассислари, марказлашган машина трактор парклари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, тажрибали деҳқонлар иштирок этди.

Бағдод туманидаги Қўштегирмон ММТПга қарашли “Нор Йўлдош” фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинарни вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Тешаев очди ва олиб борди.

— Юртимизда пахтачилик тармоғини замонавий мезонлар бўйича ривожлантиришда ҳар бир фермернинг алоҳида ўрни бор, — деди Ш.Тешаев. – Боиси иқтисодиёт тармоқлари ва халқ фаровонлигини юксалтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт салоҳиятини оширишда фермер хўжаликларининг хизмати жуда катта. Бу билан ҳар бир фермер фахрланса арзийди.

Аммо шиддат билан янгиланиб бораётган бугунги давр қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик соҳасида ҳам инновацион ғояларни кенг қўллаш, илмий ва ҳаётий тажрибани ўзаро уйғунлаштиришни тақозо этаётгани айни ҳақиқатдир.

Семинарда таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида пахтадан юқори ҳосил етиштиришда интенсив технологияларни қўллаш орқали улкан ютуқларга эришилмоқда. Биргина Исроил давлатида томчилатиб суғориш орқали пахтачиликда ҳар гектар ердан 70 центнердан ҳосил олинади. Бу ютуқларнинг асосий омили деҳқончилик маданияти яхши йўлга қўйилгани ва фермерлар доимо илмий салоҳиятдан самарали фойдаланаётгани билан боғлиқ.

Юртимизда пахтачилик соҳасини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш учун эса янгиликларни амалиётга татбиқ этиб, интенсив технологияларни кенг қўллаш зарур. Бунинг учун биринчи навбатда агротехникани замонавийлаштириш, мавжуд ресурслар, энг аввало, сувдан самарали ва оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш керак.

Мисол учун, томчилатиб суғоришнинг афзаллик томонлари жуда кўп. Бу усулни қўллаш орқали 50-55 фоиз сув ҳамда 30-35 фоиз ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари тежалиб, ишчи кучи иқтисод қилинади ҳамда қатор ораларга культиватор ортиқча кирмайди. Пахта майдонлари томчилатиб суғорилганда бегона ўт деярли чиқмайди ва сувдан фақат ғўза ниҳоллари фойдаланади. Ҳосил ўртача 10-15 кун эрта пишиши таъминланади. Шу тариқа мавсум мобайнида 40-60 фоизгача сув тежалиб, 50-60 фоиз ёқилғи сарфи, 30 фоиз минерал ўғит харажатлари ҳамда 80-90 фоиз ишчи кучи ва сарф-харажатлар камаяди. Ҳосилдорлик 15-20 фоизга ошади. Мавсум давомида 5-6 марта техника кам ишлатилиб, ердан фойдаланиш самарадорлиги 8-10 фоизга ортишига эришилади.

Семинарда томчилатиб суғориш учун мўлжалланган турли қувурлар, суғориш шланглари, бутловчи қисмлар ва томизгичларни ишлаб чиқарувчи республика “АGRODRIP” компанияси раҳбари Бахтиёр Шокиров фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш тизимини яратиш, лойиҳалаш ва қуриш юзасидан тавсиялар берди. Бу корхона томчилатиб суғориш тизимларини жорий этишда консалтинг хизмати кўрсатади. Корхонада ишлаб чиқарилаётган эгилувчан шланглардан камида 5 йил ҳамда томчилатиб суғориладиган шланглардан эса бир йил унумли фойдаланиш мумкин. Семинарда мутахассислар томонидан томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ва фойдаланиш усуллари амалий мисоллар ёрдамида намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига ассоан бундан буён томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган ҳамда ушбу тизим учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади. Пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун пахта хом ашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига 8 миллион сўм субсидия тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларга томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қопланади.

Пахта хом ашёсининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, томчилатиб суғориш жиҳозлари ишлаб чиқарувчилари томонидан олиб кириладиган ҳамда ушбу технологияни жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашё 2021 йилнинг 1 январига қадар божхона божини тўлашдан озод этилади.

-Деҳқончилик билан шуғулланиб келаётганимга қирқ йилдан ошди, — дейди Бағдод туманидаги “Етмишбой ҳожи” фермер хўжалиги раҳбари Акбарали Очилдиев. – Бугунги семинардан катта таассурот олдим. Экин томчилатиб суғорилса чиндан ҳам кўп нарса иқтисод қилинар экан. Техника сарфи, ёқилғи, минерал ўғит, ишчиларга ҳақ тўлаш сарфи ҳам камаяди. Аслида 2011-2013 йиллардан буён экинларни томчилатиб суғориш боғдорчилик хўжаликларида босқичма-босқич қўлланиб келинмоқда. Пахтачиликда ҳам шу усул қўлланилса, фермерлар катта фойда кўради.

Тошлоқ ва Данғара туманларида бўлиб ўтган худди шу мавзудаги семинарларда ҳам иштирокчилар янги усулни амалиётда қўллаш бўйича ўзаро тажриба алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан малакали жавоблар олдилар.