Бош саҳифа > Туман янгиликлари > Халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси

Халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси

Халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимлигининг бўлим ва бошқармалари бошлиқлари ҳамда халқ депутатлари Қува туман Кенгаши депутатлари, МФЙ раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тумандаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 17 мингдан зиёд хонадонлар турмуш тарзи атрофлича ўрганилди. Юзма-юз мулоқотлар жараёнида 9685 та муаммолар аниқланиб, 2800 дан ортиқ муаммолар жойида бартараф этилди. Ўз навбатида секторлар кесимида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Ўрганишлар давомида ҳудудлардаги 10 минг 600 та хонадонда электр таъминоти яхшиланди ва бу ишларга 1 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланди. Тоза ичимлик суви таъминоти бўйича янги тармоқлар тортилди, ички йўллар таъмирланди.

Таҳлил ва танқид руҳида ўтган сессияда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, халқ таълими, мактабгача таълим тизими, намунавий уй-жойлар қурилиши, кўп қаватли уйлардаги муаммолар, ишсизлик, жиноятчилик, ёшлар учун муносиб шарт-шароит яратиш борасидаги камчиликлар кескин танқид қилинди. Экспорт, тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар туманда тадбиркорликни ривожлантиришда ташаббус етишмаётганидан далолат эканлиги таъкидланди.

Сессияда юқоридаги камчиликларга йўл қўйган Зокиржон Раҳмоновни туман ҳокими вазифасидан озод этиш, шу кунга қадар Тошлоқ тумани ҳокими бўлиб ишлаган Ҳалимжон Комиловни Қува тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарорлари халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Музокараларда сўзга чиққан туман фаоллари томонидан энг муҳим масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.