Бош саҳифа > Жамият > Инсон ҳуқуқлари адлия ҳимоясида

Инсон ҳуқуқлари адлия ҳимоясида

Қува тумани, С.Айний кўчаси, 23-уйда яшовчи фуқаро О.Рустамова Пенсия жамғармаси Қува туман бўлими томонидан пенсиясининг 50 фоизи ушлаб қолинаётганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган.

Аниқланишича, О.Рустамованинг 2005 йил 1 февралдаги ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб Қува туман собиқ Ижтимоий таъминот бўлимига қилган мурожаатига асосан умумий иш стажи 37 йил 7 ойни ташкил қилган ҳолда унга ёшга доир пенсия тайинланган, пенсия миқдори тегишли қонун ҳужжатларига асосан ошириб келинган.

Бироқ, Пенсия жамғармаси Қува туман бўлими масъул ходимлари томонидан Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2222, 2011 йил 30 апрель) талабларига риоя этилмаган ҳолда фуқаро “Қуббо Мусабек Савдо” МЧЖнинг таъсисчиси ҳисобланади шу сабабли ишловчи пенсионер хисобланади деган асоссиз важлар билан  2016 йил март ойидан 2017 йил декабрь ойига қадар фуқаро О.Рустамовадан унга тўланиши лозим бўлган пенсия миқдорининг 50 фоизидан ҳар ойда жами 3 737 771 сўм маблағ асоссиз ушлаб қолинган.

Ваҳоланки, О.Рустамова таъсисчилигида “Қуббо Мусабек Савдо” МЧЖ ташкил этилган, лекин ушбу жамиятда ишламаган, иш ҳақи хисобланмаган, жамиятнинг олган даромадлари фақатгина унинг ривожи учун сарфланаётганлиги сабабли двидент олмаган.

Адлия бошқармаси томонидан мурожаатни ўрганиш давомида кўрилган таъсир чораларига асосан Пенсия жамғармаси Фарғона вилоят бошқармасининг 25 декабрдаги 129-м-сонли буйруғига асосан жамғарманинг Қува туман бўлими масъул ходими Ф.Охуновага нисбатан “Хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди ҳамда Пенсия жамғармаси Қува туман бўлимига О.Рустамовадан асоссиз равишда ушлаб қолинган жами 3 737 771 сўм пенсия пул маблағларини қайтариб тўлаб бериш юклатилди.  Юқоридагилар Пенсия жамғармаси Қува туман бўлими масъул ходимларининг соҳага оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва талабларини зарур даражада ўзлаштирмаганлиги, уларнинг ҳуқуқий билимлари етарли даражада эмаслиги ҳамда ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан қарашлари натижасида келиб чиққан.

Бундай салбий ҳолатлар фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ҳақли эътирозларига ҳамда турли давлат идораларига мурожаат қилишларига сабаб бўлиб қолмоқда.

  М. Умаров Фарғона вилоят адлия бошқармаси  бўлим бошлиғи