Бош саҳифа > Жамият > Аҳолини қандай муаммолар қийнамоқда?

Аҳолини қандай муаммолар қийнамоқда?

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлари партиянинг “Уйма-уй” ва “Депутат билан юзма-юз” лойиҳалари доирасида хонадонларда бўлиб, аҳолининг муаммоларига ижобий ечим топишга, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат беришга интилмоқда. Бунга партиянинг Қува туман кенгаши ходимлари, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоларининг халқ билан доимий мулоқотда бўлиб, ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганишга интилаётгани мисол бўла олади.

Халқ депутатлари Қува туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар Мадиёр Туримов, Баҳодир Мамажонов ва Равшанбек Охунов “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди. Бу жараёнда асосий эътибор аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилди.

Қува туманидаги 40-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Манзурахон Акбарова ўқувчилар учун бадиий китоблар етишмаслигини айтиб, бу борада амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат ижобий ҳал этиладиган бўлди — депутат М. Туримов ҳомийлик асосида 50 номдаги бадиий китоблар жамланмасини совға қилишини билдирди.

Тумандаги “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Муқаддасхон ая Акрамова нафақа пулини олишда қийинчилик бўлаётгани, уч кунлаб навбат кутишга тўғри келаётганидан шикоят қилди. Мазкур масала ҳам жойида ҳал этилди. Депутат М. Туримов “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Содиқжон Тешабоев билан бирга нафақа тарқатиш бўйича график тузди. Энди нафақа пули маҳаллалар бўйича график асосида тарқатилади. Шунда навбат кутишга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди.

Шунингдек, ушбу маҳалла аҳолиси учун кундалик ҳаётда зарур бўлган ун, ёғ етарли даражада ажратилмаётгани тўғрисидаги мурожаат юзасидан ўрганишлар олиб борилганда, ҳудудда аҳоли сони ўсгани ва ҳокимиятда янги ҳамда тўлиқ рўйхат йўқлиги аниқланди. Бу масала юзасидан ҳам партия туман кенгаши раиси ҳамда “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси бирга туман ҳокимлигига маҳалла аҳолисининг янги рўйхатини шакллантириб берди. Энди рўйхатдаги барча фуқаролар учун етарли даражада истеъмол маҳсулотлари берилиши кўзда тутилади.

— Одамларни кўп йиллардан буён ичимлик суви билан боғлиқ муаммо қийнаб келади, — дейди “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Содиқжон
Тешабоев. — Шу боис ушбу масала ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам сўраб, ЎзМТДП депутатларига мурожаат қилдим.

Депутат Мадиёр Туримов ушбу масалани атрофлича ўрганиб, “Сувоқава” давлат корхонаси туман бўлими бошлиғига депутатлик сўрови юборди ва масала назоратга олинди.

Аҳолини қийнаб келаётган шу каби масалалар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам учрайди. Бундай вазиятда маҳаллий Кенгаш депутатлари одамларнинг дардини эшитиши, улар билан очиқ мулоқотда бўлиши, оғирини енгил қилиши — аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлаш, тинч-осойишта, фаровон ва хотиржам яшашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратилиши, аҳоли қатламлари эҳтиёж ва муаммоларининг ижобий ҳал этилиши ҳар бир фуқаронинг орзу-
умидларига қанот бағишлайди. Ортиқча машаққат чекиб, овора бўлишнинг олдини олади, инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда инсон манфаати ҳар нарсадан устун қуйилгани, унинг ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъминланаётганидан далолатдир. Зеро, халқимиз ўз ҳаётидан рози бўлса, юртимиз янада фаровон бўлиб бораверади.

Усмон АБДУРАСУЛОВ,
“Milliy tiklanish”  мухбири