Бош саҳифа > Тиббиёт > Инсульт хасталиги хавфли

Инсульт хасталиги хавфли

Шошилинч ёрдам бемор ҳаётини асрайди

Инсульт – миядаги қон айланишининг тўсатдан бузилишидир. Оқибатда мия тўқималарида ўзгаришлар юзага келади ва унинг шикастланиши туфайли турғун белгилар пайдо бўлади.

Инсультнинг икки кўриниши геморрагик (мияга қон қуйилиши) ва ишемик ҳолатда (мия инфаркти) фарқланади.

Инсульт – мия қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, бу мия функциясининг бир неча кун давом этувчи хасталигига олиб келади. Инсульт инсоннинг меҳнатга лаёқатини пасайтирувчи, узоқ муддат даволанишга, унинг оиладаги ҳаёт сифатининг пасайиши ва иқтисодий харажатларга сабаб бўлувчи касалликдир. Инсульт ўлим сабабчиси сифатида юрак қон-томир ва онкологик касалликлардан сўнг 3-ўринда туради. Ишемик инсульт геморрагик инсультга нисбатан 5 марта кўп учрайди.

Ўзбекистонда мия инсульти билан хасталаниш минг нафар аҳолига нисбатан 9 фоиздан 14 фоизгача тўғри келади. Ишемик инсульт миянинг тўлиқ ёки қисман қон билан таъминланишининг тўхташи оқибатида юзага келади.

Ишемик инсультнинг асосий сабаби – мия томирларининг атеросклерозидир. Хасталик кекса ёшлилар, кўпинча юрак касалликлари ва қон ивиши ортган кишиларда учрайди.

Инсульт баъзида уйқу вақтида ўтказилади. Беморлар уйғонгач, ҳолсизлик, қўл-оёқда қувватсизланиш, бош айланишини сезади. Бунда эс-ҳуши жойида, тери одатдаги рангда бўлади. Неврологик белгилар шикастланган томир жойлашувига қараб, бир неча дақиқа ёки соат ичида ўсиб боради. Умумий ёки ички уйқу артерияси тиқилиб қолганда, тромбоз бўлган тарафда кўриш бузилади, тескари тарафда қўл ва оёқлар ҳаракати бузилади.

Ишемик инсультда ўлим кўрсаткичи мияга қон қуйилишига нисбатан кам бўлишига қарамай, касаллик кўпинча оғир кечади. Ўчоқли белгилар маромига тушгач, тикланиш даврига ўтади ва бу ойлаб, йиллаб давом этади.

Ўткир ишемик инсульт беморнинг ёшига, патологик ўчоқнинг кўламига такрорий инсультнинг қўшилиши ва кардиал асоратлар билан кечади.

Инсульт белгилари шикастланган томир ҳавзасига боғлиқ бўлади. Касаллик белгилари умумий мия ва ўчоқли клиник белгилар, характер, яққол ва нисбий кўрсаткичлар, томир ҳавзасини зарарловчи омилларга боғлиқ. Беморлар инсультга бир неча кун қолганда бош оғриғи, ҳолсизлик, бош айланиши, кўз олди қоронғилашиш, қўл-оёқда увишиш ҳолатларини ҳис этади. Белгилар кучайиб боради ва бир кунда қўл-оёқларнинг тортишиши пайдо бўлади. Бемор ҳушини йўқотмайди, бошида туманни ҳис этади. Баъзида хасталикнинг кечиши бехосдан юз беради.